A
x up auto down

И.Каримов таваллуди куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 17 январь куни бўлиб ўтган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини инишонлаш бўйича тайёргарлик ишларини самарали олиб бориш ва ушбу санани ҳар томонлама юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда, барча таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, нуронийлар, турли соҳа мутахассислари иштирокида Биринчи Президентимиз хотирасига бағишланган учрашувларни мазмунли ва юқори савияда, таъсирчан руҳда, аниқ ҳаётий мисоллар асосида ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигига тўхталиб ўтилган эди.

Шу мақсадда 30 январь Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан мамлакатимиздаги таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда турли маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилмоқда. 

Жорий йилнинг 30 январь куни Тошкент Радиотелеузатиш марказида мустақил давлатимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллик юбилейига бағишланган “Сиз доимо қалбимизда, юрагимиздасиз!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирга Республика маънавият ва маърифат марказидан ташриф буюрган эксперт, сиёсатчи олима Жамила Тошпўлатова, Ўзбек Давлат Драма Театридан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, актёр Жумадулла Раметов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, актриса Мадина Тўхтаева ва “Камолиддин Ориф ал-Бухорий” жомъе масжиди имом-хатиби Закариё Хафизуллаевлар ташриф буюришди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг Президент сифатидаги бутун ҳаёти ва фаолиятининг юртимизда янги давлат, янги жамият барпо этиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ўзбек номини, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этишдек улуғ мақсадга бағишлади. Халқимиз мамлакатимизда истиқлол йўлларида амалга оширилган улкан ўзгаришлар замирида Биринчи Президентимизнинг улкан хизматлари ётади.

Ислом Абдуғаниевич Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, дунёда “Ўзбек модели” деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган, буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида ўчмас ва ёрқин из қолдирди. Одамларнинг тафаккурини ўзгартириш, уларнинг онгида янги миллий ғоя, миллий мафкура асосларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш ишига раҳнамолик қилди. Юртимизда тинчлик-осойишталикни, миллатлар ва фуқаролар ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш, уни сақлаш ҳамда мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшди.

Ислом Каримовнинг серқирра фаолияти, Ўзбекистон Республикасини мустақил ва демократик давлатга айлантиришдаги буюк тарихий хизматлари, мамлакатимизда таълим, фан ва маданиятни ривожлантиришда амалга оширган беқиёс ишлари самараларига бағишланган маърузалар тингланди. Уларда буюк давлат арбоби раҳнамолигида мамлакатимизда таълим тизими тубдан ислоҳ этилиб, эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари бўлган баркамол авлодни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилгани сўзга чиққанлар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар томонидан қилинган маъруза, ижро этилган шеър ва монологлар Ислом Каримов хотирасига бағишланган тадбирга ўзгача руҳ бағишлади ҳамда йиғилганларда катта таасуротлар қолдирди.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти, ўзбек халқининг буюк фарзанди Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сўнмас хотираси барча юртдошларимиз ва халқимизнинг қалбида абадий сақланиб қолади.